"Манчестер Юнайтед" ҳимоячиси Лисандро Мартинес Чемпионлар лигасида "Атлетико"га қарши ўйиндан кейин клуб раҳбариятини кескин танқид қилган эди. Бир кун ўтиб, аргентиналик футболчи ижтимоий тармоқларда баёнот берди.

"Учрашувдан кейин натижадан келиб чиққан ғазаб ва хафагарчилик таъсирида гапирдим. Мени яхши танийдиганлар футбол билан қандай яшашимни билади: иштиёқ, фидойилик ва ғалаба қозониш истаги билан. Ишлар биз хоҳлагандек кетмаса, бу оғриқли бўлади. Айниқса, "Манчестер Юнайтед" каби бой тарих ва юқори мақомга эга клуб шарафини ҳимоя қилаётганингда.

Сўзларим ҳис-туйғуларимни ва бу клубнинг энг нуфузли совринлар учун курашишини қанчалик исташимни акс эттиради. Юқори талаблар — футболга бўлган қарашим ва ушбу либосни кийганда ҳис қиладиган масъулиятимнинг бир қисми. Кўпроқ нарсага эришиш ҳақида гапирганимда, клубимиздаги ҳар бир инсонда бўлиши керак бўлган амбитсияларни назарда тутаман. Биз доимо ривожланишимиз, кучайишимиз ва энг юқори даражада рақобатлашиш учун зарур барча имкониятларга эга бўлишимиз керак. Бу талабларга, биринчи навбатда, менинг ўзим ҳам жавоб беришим шарт.

Натижалар учун, энг аввало, футболчилар жавобгар эканини биламан ва бу масъулиятни ўз зиммамга оламан. Ўзимиздан янада кўпроқ талаб қилишимиз ва "Манчестер Юнайтед"ни яна чўққига қайтариш учун меҳнат қилишимиз керак. Жамоадошларимга, мураббийимизга ва клубни олдинга силжитиш учун меҳнат қилаётган барча инсонларга ишонаман. Олдинга йўл биргаликдаги меҳнат, амбитсия ва садоқат орқали ўтади. Биринчи кундан бери мақсадим ўзгармаган: ғалаба қозониш, энг юқори даражада рақобатлашиш ва клуб эмблемаси учун бор кучимни бериш", — деб ёзди Мартинес.