Криштиану Роналдунинг баёноти тўлиқ:
"Мураббий менга берган сўзининг устидан чиқмади.
Учрашув якунида мен фақатгина ҳаммаси ғалаба билан тугашини ва ёлғиз қолишни хоҳлагандим. Мухлислар билан сўрашгани бормадим. Бу фақат менинг жавобгарлигимдаги хато ва бундай бўлмаслиги керак эди. У ерда бизни астойдил қўллаб-қувватлаган португалияликлардан, мухлислардан ва португалиялик бўлмаса-да, мени кўриш учун узоқдан келган ва мен ҳафсаласини пир қилган бўлишим мумкин бўлган барча инсонлардан узр сўрайман.
48 соат ўтгач, мен, мураббий ва Симау Коутино ўртасида суҳбат бўлиб ўтди (Симау август ойидан бери суҳбатларимизда иштирок этиб келаётганди). Бу ҳеч қандай филтрларсиз, жуда очиқ ва самимий лаҳза эди.
Биз бу "иш"ни ёпишнинг фақат битта йўли борлигига келишдик: мураббий холи жойда, Симау Коутино гувоҳлигида менга айтган гапларини матбуот анжуманида ҳам такрорлаши керак эди.
Келишув оддий эди: мураббий анжуманни шу мавзу билан бошлаб, ҳақиқатни айтиш орқали масалага нуқта қўярди. У мен ҳеч қачон майдонга тушишни сўрамаганимни, ушбу йиғин режасини фақат мураббийнинг ўзи (бошқа ҳеч ким эмас) таклиф қилганини, мени чигал ёздиришга чиқариб, кейин майдонга туширмаслиги хато бўлганини ва агар бу ҳолат яна такрорланса, ундай қилмаслигини айтиши керак эди. Суҳбат якунида мураббий мендан уни қучоқлашимни сўраб, ҳозиргина менга айтганларини анжуманда ҳам такрорлашга ваъда берди ва масала ҳал бўлди деб келишдик. Мен Данияга қарши ўйнамасдим ва «Драгау”даги ўйинда майдонга тушардим. Буларнинг барчаси доим Симау Коутино гувоҳлигида кечди.
Кейин мураббийнинг илтимосига кўра, у, Симау Коутино ва Тяго Кравейру ўртасида видеоалоқа орқали муҳокамамиз сарҳисоб қилинган учрашув бўлди.
Мен ўзим тасдиқлаган қисқа ҳужжат тайёрланди ва менинг хабарим билан, мураббийнинг ўзи сўраганидек, унга топширилди. Анжуманда нима бўлгани эса ҳаммага маълум: унинг позитсияси бизнинг учрашувимизга умуман алоқадор эмасди. Мен ўзим лойиқ кўрмаган иборалар ва агрессияни эшитдим, у бир кун олдин холи жойда менга заррача ҳам кўрсатмаган "мен хоҳлайман, мен қила оламан ва мен буюраман" қабилидаги муносабатни кўрдим.
Мен тасдиқлаган ва мураббий ўқиб эшиттириши керак бўлган қайдлар қуйидагича эди:
"Дания ҳақида гапиришдан олдин баъзи нарсаларга ойдинлик киритиб олиш муҳим, чунки бу ҳақиқат:
1. Бу спорт мавсуми учун Криштиануга терма жамоадаги режани бошқа ҳеч ким эмас, айнан ўзим таклиф қилганман. Бу узоқ ва жуда яхши суҳбат эди.
2. Унинг терма жамоа билан қанчалик яшашини ва уни қанчалик севишини, дунёдаги ўрнини, қолаверса, кетма-кет 24 йил давомида терма жамоага кўрсатган ижобий таъсири ва салмоғини яхши биламан.
3. Мен Криштиануга таклиф қилган режа қабул қилинди.
4. У ҳеч қачон менинг қарорларимни шубҳа остига олмаган. У ўрнак бўладиган даражада, содиқ ва профессионал эди.
5. Норвегияга қарши ўйин унга тузилган режанинг бир қисми эмасди. Бироқ у биринчи ўйиндан сўнг жисмоний тикланишга улгурганини ҳис қилдим ва ундан фойдаланишим мумкинлиги ҳақида огоҳлантирдим. Криштиану рози бўлди.
6. Пеле ёки Марадона даражасидаги одамни чигал ёздиришга чиқариб, сўнг ўйинга туширмаслик билан хато қилдим. Агар бугун шундай бўлганида бундай қилмаган бўлардим.
7. Мавзуни ёпиш учун: мен Криштианунинг Миллий терма жамоада бўлишини хоҳлайман. Аслида бироз эмас, жудаям кўп хоҳлайман. Яхшиямки, у ҳам менга ишонади. У "Ан-Наср"да ишонганди ва бу ерда ҳам ишонади.
8. Мухлислар билан хайрлашмагани ҳақида. Бу ҳақда биз гаплашиб бўлдик. Терма жамоа сафида 230 дан ортиқ ўйин ўтказган инсонга Португалияга бўлган муҳаббат ҳақида дарс ўтмайман. Бу ҳеч нарсани ўчириб юбормайдиган умидсизлик лаҳзаси эди. У энг кўп дастхат берадиган, энг кўп селфига тушадиган ва мухлисларга энг кўп меҳр кўрсатадиган футболчидир. Йўқ жойдан муаммо яратмайлик. Биз хурсанд бўлмасак, реаксия билдирамиз. Бутун гап шунда."
Шундай қилиб, бу қайдларнинг ҳеч бирида мураббий мендан ҳатто узр сўраши кераклиги ҳам айтилмаган эди.
Бу унинг менга берган сўзини иккинчи бор бузиши эди”.
"Мен яна бирор марта берилган сўзнинг бузилишини кутмасдан йиғинни тарк этишга қарор қилдим. Мен учун одамлар ўртасидаги муносабатларда ҳақиқат ҳамон энг муҳим нарса бўлиб қолмоқда. Қанчалик оғриқли бўлмасин, менга ҳақиқатни айтишсин.
Аслида, ўша матбуот анжумани бўладиган куннинг тонгида ПФФ (Португалия футбол федератсияси) президенти ва мураббий билан бўлган суҳбатда — улар буни албатта тасдиқлай олишади — агар мени бу ерда кўришни хоҳлашмаса, буни менга очиқчасига айтишлари кераклигини яна бир бор таъкидладим. Менга шунчаки ростгўй бўлишларининг ўзи кифоя эди. Мен буни қабул қилган бўлардим ва биз орзу қилганимдек чиройли бир хайрлашув ўйини ташкил қилишимизга, ҳеч кимда кўнгли оғримаслигига ваъда бергандим.
Бу худди бугунгидек эсимда. Улар бир овоздан "йўқ" деб жавоб беришди. Менинг жойим Миллий терма жамоада эканлигини таъкидлашди.
Қарийб 25 йиллик фаолиятим давомида ҳеч қачон, ҳеч қандай ҳолатда бирорта мураббий ёки терма жамоа бошқарувчисининг техник ёки тактик қарорига аралашмаганман.
Яхши ёки ёмон бўлсин, улар менга нимани таклиф қилишса, шуни қабул қиламан. Мен қарорни ҳурмат қиламан, лекин улар менга берган сўзини бузишса, менинг жойим бу ерда эмаслигини ҳис қиламан.
Йиғинни тарк этганим учун терма жамоадаги шерикларимдан ҳам узр сўрашим керак. Ушбу суҳбатларга гувоҳ бўлганлар тасдиқлаши мумкинки, мураббийнинг сўзига бўлган ишончнинг мутлақо топталишига қарамай, мен бундай қилмаслигим керак эди. Бунинг жавобгарлиги фақат менинг бўйнимда.
Португал халқидан яна бир бор узр сўрайман, аммо берилган сўзнинг бузилиши мен учун ҳал қилувчи таъсирга эга. Шу пайтдан бошлаб, менинг қолишим фақатгина жамоага зарар келтиради деб ҳис қилдим ва ўзимни керакли деб билмаган ҳолатда доим қиламан деган ишимни қилдим: нарсаларимни йиғиштирдим ва кетдим.
Менинг бу ҳаракатимнинг оқибати Португалия футбол федератсияси томонидан баҳоланиши ва жазоланиши керак. Жазонинг ҳеч қандай енгиллаштирувчи омиллари бўлмаслиги кераклигини тушунаман. Мен шунчаки оддий ўйинчи эмасман; мен жамоа сардориман ва бу ҳолатни оғирлаштирувчи омилдир.
Мен аллақачон узр сўрадим, лекин биламанки, ҳар қандай хатти-ҳаракатнинг оқибати бўлиши шарт. Мен каби футбол ичида бўлган ҳар бир киши биладики, ҳар бир шахснинг мақомидан қатъи назар, қоидалар ҳамма учун бир хил.
Бу мавзуда мен хайрлашув ўйинлари ҳақида, муносиб хайрлашишим кераклиги ва Федератсия менга бу имкониятни беришни хоҳлаётгани ҳақида кўп гапларни эшитдим.
Мен ҳаётда, кўпинча оч қолган ва ейишга ҳеч вақоси бўлмаган пайтларимда ўрганганманки, ҳеч ким бировга ҳеч нарсани шунчаки бериб юбормайди.
Мен барча мухлисларимга ва, албатта, хусусан, барча португалияликларга ваъда бера оламанки, бизда битта ёки бир нечта хайрлашув ўйинлари бўлади; бунга ҳали вақт келади.
Аммо терма жамоа ҳақида ўйлаганимда, менинг асл ўйлайдиган нарсам — бу рақобатлашишдир. Отамнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган кунимда ҳам шундай ўйлагандим. Мен терма жамоамиз йиғинида эдим ва эртаси куни ўйин тугагунига қадар ўша ерда қолишга қарор қилгандим. Мен мамлакат учун ҳеч бир клуб учун қилмайдиган ишимни қилганман.
Шунинг учун, агар менга қўлланилиши мумкин бўлган дисквалификатсия муддатини ўтаб бўлганимдан сўнг, жисмоний ҳолатим яхши бўлса, ўз клубимда ўйнаётган ва умид қиламанки, голлар ураётган бўлсам, мен бугунги кунгача қандай бўлсам, терма жамоамиз учун рақобатлашишга ва ғалаба қозонишга шундай тайёр бўламан.
Ишонинг, бу энг тоза ва ҳақиқий ҳақиқатдир.
Криштиану Роналду”.