"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Майкл Керрик "Тоттенҳем"га қарши 1:1 ҳисобидаги дурангдан сўнг учрашув ҳақида фикр билдирди.

"Биринчи бўлимда бизга қийин бўлди. Ўйинни бошлаш ҳам осон кечмади. Айрим вазиятларда сифат етишмади, тўпни оёғимизда ортиқча ушлаб, уни йўқотдик. Керакли узатмаларни топа олмадик, прессингга бироз кечикдик ва рақиб учун бўш ҳудудлар қолдирдик.

Иккинчи бўлимда эса кўп жиҳатдан анча яхшироқ ўйнадик. Олдинга чиқиш учун яхши имкониятга эга бўлдик ва характер кўрсатдик. Шундан кейин устунлигимизни сақлаб қолиб, ғалаба қозонишимиз керак эди. Аммо буни уддалай олмадик.

Айрим вазиятларда тўпни жуда осон йўқотдик ва ўйин очиқ кечишда давом этди. Ўтказиб юборишимиз мумкин бўлмаган голни ўтказдик. Бу гол ўйинимизнинг аксидек бўлди. Бундай вазиятга тушиб қолиш ва охир-оқибат ғалаба қозона олмаслик жуда аламли".