Эрлинг Ҳоланд Португалияга қарши учрашувда жароҳат олган бўлиши мумкин. Ушбу ўйинда Норвегия терма жамоаси 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради.

"Манчестер Сити" ҳужумчиси 67-дақиқада захира ўриндиғи томон ишора қилиб, алмаштиришни сўради. Ҳоланд ўрнига Ёрген Странд Ларсен майдонга тушди.

Ҳоланд бу мавсум "шаҳарликлар" сафида 7 та гол урган. Клуб эса якшанба куни АПЛда "Ливерпул"га қарши ўйнайди.

Португалия терма жамоаси эса Гонсалу Рамушнинг 79-дақиқада урган голи эвазига ғалаба қозониб, Миллатлар лигасининг чорак финалига йўл олди. Жамоа Криштиану Роналдусиз кетма-кет учинчи ўйинини ўтказди.

Бу ғалаба Жорже Жезуш шогирдлари учун турнирдаги кетма-кет тўртинчи муваффақият бўлди.